Республика болалар кутубхонасида Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида «Болалар китоби – маънавият асоси» мавзусида маърифий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда 3 апрель, пайшанба куни ЎзА хабар берди.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида улғайиб келаётган навқирон авлодни турли маънавий таҳдидлар, «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан ишончли тарзда ҳимоялаш, уларда мутолаа маданиятини янада юксалтиришга оид амалий чора-тадбирлар тобора кенгаймоқда», – деб ёзади ЎзА.
Республика болалар кутубхонасида ўғил-қизларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини орттириш, бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этиш, билим ва тафаккурини янада кенгайтириш юзасидан кўплаб маърифий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган зиё масканида ташкил этилган kitob.uz сайти асосан ўқувчи-ёшлар учун мўлжалланган ахборотлар билан тўлдирилиб, янгидан-янги аудио-видео материаллар билан бойитиб борилмоқда. Айни пайтда китобсевар болаларнинг атоқли адиб ва шоирлар, олимлар, бастакорлар билан он-лайн мулоқоти доимий тарзда ўтказилмоқда.
Соғлом бола йили муносабати билан мактаблар, ахборот-ресурс марказлари, «Баркамол авлод» болалар марказларида ўтказилаётган «Адабиёт ҳафталиги», «Китоб байрамлари», ижодий викториналар, «Энг китобхон мактаб», «Энг китобхон ўқувчи» кўрик-танловлари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Анжуманда болаларни китоб мутолаасига кенгроқ жалб қилиш, баркамол авлод тарбиясида мактабдан ташқари таълим масканларининг ўрни каби мавзуларда маърузалар тингланди. Тадбир доирасида юртимиз нашриёт-матбаа корхоналарида чоп этилган болалар адабиёти намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилди.
Manba: kun.uz
Комментариев нет:
Отправить комментарий