Bo'lim

26.03.2014

Тошкентда Инҳа университети ташкил этилади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 24 март куни Тошкент шаҳрида Инҳа (Жанубий Корея) университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси хабар бермоқда.

Янги олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартлар даражасида юқори малака кадрларни тайёрлаш мақсадида қабул қилинган.
Тошкентдаги Инҳа университети Ўзбекистон олий таълим муассасаси сифатида ташкил этилмоқда. Ундаги таълим жараёни Жанубий Кореянинг Инҳа университети томонидан, илғор педагогик ва ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Талабалар янги олийгоҳда инглиз тилида таълим олишади, таълим Ўзбекистон давлат таълим стандартларидан келиб чиқиб, Инҳа университети ўқув режалари ва дастурлари асосида олиб борилади.
Битирувчиларга Ўзбекистонда олий таълим ҳужжати сифатида тан олинадиган Инҳа университетининг тегишли намунадаги дипломлари топширилади.
Олийгоҳда абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни имтиҳондан ўтказиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, Инҳа университетида ўрнатилган тартиб асосида амалга оширилади.
Тошкентдаги Инҳа университетининг ўқитиш ва мутахассислар тайёралш бўйича асосий таълим йўналишлари (мутахассисликлар) сифатида компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг ва компьютер тармоқлари инжиниринги танланган.
Тошкентдаги Инҳа университети ўзининг илк талабаларини 2014/2015 йил учун 1 октябрдан бошлаб қабул қилишни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.
Жанубий Кореядаги Инҳа университети 1954 йили ташкил этилган, ҳозирги вақтда унда турли йўналишлар, жумладан, АКТ соҳаси бўйича жами 20 мингдан ортиқ талаба таълим олади. Университет Joong Ang Ilbo нашри рейтингига кўра, муҳандислик ва ахборот технологгиялари йўналишида Жанубий Кореянинг энг яхши бешта олийгоҳидан бири ҳисобланади.

Manba: kun.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий